Бундан икки йил муқаддам (2021 йилнинг 20 май кунидан 21 майга ўтар кечаси) номаълум шахс Ромитан тумани “Бахтиёрчи” маҳалласи Янгиобод чўл массивида яшовчи Б.С.га тегишли бўлган баҳоси 10 миллион сўмлик бир бош қорамолини ўғирлаб кетган эди. Ўшанда ўғрилик ҳолат бўйича Жкнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бир қатор кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган эди. Аммо ўша вақтда жиноятни фош этиш бўйича бирор бир ижобий натижаларга эришилмаган.
Олинган тезкор маълумот асосида тўхтатиб қўйилган мазкур жиноят иши қайта тикланди. Тергов-суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни туманнинг “Боғча” маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган С.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланди. Ҳозирги кунда унинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
