Мамлакатимизда 20-февралдан 28-февралга қадар “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилди. Мазкур ҳафталик доирасида Фарғона вилоятида ҳам бир қатор тадбирлар, ўқув машғулотлари, учрашувлар ташкил этилди.
Жумладан, Фарғона шаҳрида вилоят ички ишлар органларининг тезкор-қидирув, тергов бўлимлари ҳамда 10-сонли тергов ҳибсхонаси ходимлари иштирокида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув курсидаги машғулотларни Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари олиб бордилар.
Маълумки, инсонни қийноққа солишдан мақсад, унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборатдир. Шунинг учун БМТ ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Ўқув курси якунида ходимлардан синов имтиҳонлари қабул қилиниб, белгиланган намунадаги сертификатлар топширилди.
Ҳафталик доирасида Риштон тумани Зоҳидон қишлоғида жойлашган 3-ўрта мактабда ҳуқуқий тарғибот тадбири ҳам бўлиб ўтди. Шу ерда инсон ҳуқуқлари йўналишида чоп этилган янги китоблар тақдимоти ўтказилиб, мактаб кутубхонасига совға қилинди. Мактабнинг фидойи устозлари ҳамда ҳуқуқий билимларни пухта эгаллаган иқтидорли ўқувчига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
