Ватанга хизмат – олий саодат
ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Қарши шаҳридаги 7533-ҳарбий қисм командири, полковник Жасур Сағдуллаев 25 йилдан буён Ватанимиз осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган лавҳамиз қаҳрамони 7531 ҳамда 7553-ҳарбий қисмларда самарали хизмат кўрсатиб, бой тажриба тўплади.
Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни яхши йўлга қўйди.
Унинг ташаббуси билан ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний натижаларини янада яхшилаш ва бунинг учун етарлича шароитлар яратиш мақсадида, “Wоркоут” спорт мажмуаси қурилиб, қоровуллар шаҳарчаси ҳам бунёд этилди. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш чоралари кўриляпти, маънавий-маърифий тадбирлар ва якка тартибдаги суҳбатлар ўтказиляпти.
Шахсий таркибнинг билим савиясини ошириш ва уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш ҳарбий қисм қўмондонлигининг диққат марказида. Ушбу жамоа вакиллари Қуролли Кучлар миқёсида ўтказиладиган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловларида муносиб иштирок этиб, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод командири” ҳамда “Энг илғор баталон командири” номинацияларида бир неча бор ғолиблик шоҳсупасидан жой олди.
Қисм командири Ж. Сағдуллаев малакасини янада ошириш мақсадида Қуролли Кучлар академиясида таҳсил олиб, касбий билим ва маҳоратини бойитди.
Ана шундай ютуқларга эришиб келаётган полковникнинг турмуш ўртоғи Дилнозахон ҳам узоқни кўра оладиган оқила ва сариштали уй бекаси. Ҳозирда улар 2 нафар фарзандни бекаму кўст тарбиялаб келаётир.
– Полковник Жасур Сағдуллаев қўл остидаги шахсий таркибни ҳар қандай ҳолатда ҳам сафарбар қила оладиган, талабчан ва ташаббускор раҳбар, – дейди Қоровул қўшинлари қўмондонлиги тарбиявий ва мафкуравий ишларни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Шермат Қулиев. – Шунингдек, мураккаб вазиятларда ҳам тўғри қарор қабул қилиши билан, шахсий таркибнинг ишончига сазовор бўлиб келмоқда. Шу боис, қаътий иродаси ва маҳоратига ишонган бу инсон, ҳеч қачон мақсадлари йўлида тўхтаб қолмайди, балки, доимо олдинга ҳаракат қилиб, интилишда давом этади.
Шундай экан, биз ҳам унинг бу каби ғайрат ва шижоатига муваффақиятлар тилаган ҳолда она юртимиз ҳимояси йўлида мустаҳкам қалқон бўлишини тилаб қоламиз!
Азамат ХОЛМАТОВ,
ҳарбий қисм ходими.