Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Баҳодир Мирзараҳимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида ўз ишини бошлади.
Дастлаб вазир ўринбосари вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси хизмат биносига ташриф буюрди. Бу ерда ходимларнинг хизмат фаолияти, хизмат хоналари, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирар экан, ситуасион марказ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Шундан сўнг генерал-маёр Б.Мирзараҳимов вилоят ИИБ спорт комплексида бўлди. Мажмуадаги шароитлар, жанговар тайёргарликни ошириш, машғулотлар олиб бориш учун мавжуд инвентарларни кўздан кечирди.
Кейинги манзил Термиз туманидаги туризм намойиш объэктларидан бири бўлган Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи бўлди. Бу ерда вазир ўринбосари дастлаб буюк муҳаддис олимнинг мақбарасини зиёрат қилди. Сўнгра зиёратгоҳдаги ҳолат, бу ерда сайёҳлар учун қандай қулайликлар мавжудлиги билан танишди. Туристлар оқимини кўпайтириш учун тегишли тавсияларни бериб ўтди.
Шеробод туманида жойлашган Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳи ҳам бугун сайёҳларнинг гавжум масканларидан бирига айланган. Генерал-маёр Б.Мирзараҳимов ушбу мажмуада ҳам бўлди ва хизмат кўрсатиш сифати, туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳатлар юзасидан масъулларга топшириқлар берди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
