Бу – қизиқ!
«Ишхона – иккинчи уй» деган иборани кўп эшитгансиз. Нафсиламрини айтганда, куннинг ярмидан кўпини ишхонада ўтказамиз. Ҳар тонг ишга йўл оларканмиз, бугунимиз кечагидан кўра унумли ва барокатли бўлишини ният қиламиз. Ишимизда самара бўлиши кўп ҳолларда кайфиятимизга боғлиқ. Хўш, у қачон кўтаринки бўлади? Энг аввало, ишчанлик руҳиятини бағишлайдигани – иш жойимиздаги муҳит. Ишхонадаги муҳит тинч, хотиржам бўлиши лозим. Айниқса, ижод билан шуғулланувчи соҳа ходимлари учун бу жуда муҳим.
Жамоадаги аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ходимларни янада жипслаштиради.
Иш жойининг озодалигига алоҳида аҳамият бериш лозим. Хонада ёқимсиз ҳид ва ғуборлар ишлаш иштиёқини сўндиради.
Хонада гуллар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Гоҳида уларга бироз тикилиб қараб турсангиз, чарчоқлардан фориғ бўласиз.
Иш вақти тугагач, уйга кетишга шошилаётган бўлсангиз ҳам столингизни тартибга келтиришни унутманг.
Иш столингиздаги предметларни шундай жойлаштирингки, иш жараёнида улар ҳалақат бермасин. Ёдингизда бўлсин: хонага кирган бегона одамда салбий ёки ижобий таассурот қолдириш кўп жиҳатдан сиз учун аҳамияциздек бўлиб кўринган ана шу майда деталларга ҳам боғлиқ.
Адолат ФАЙЗИЕВА тайёрлади.
