– Эрта тонгда «бешлик» аъзолари ҳаммамиз идорада тўпланиб, кунлик қиладиган ишларимизни маслаҳатлашиб олиб, шунга қараб режа тузамиз – дейди маёр Шокиржон Каримов. «Хонадонбай» ўрганишларга биринчи галдаги юмуш сифатида қараяпмиз. Бешта мутасадди бирор хонадонга ўрганишга кирсак, қайси йўналишдаги муаммо бўлса, дарров ечим топиляпти. Ҳоким ёрдамчиси бандлик, тадбиркорлик ва кредит масаласида ўз тавсияларини берса, ёшлар етакчиси оиладаги ёшлар муаммосини ўрганмоқда. Хотин-қизлар фаоли эса аёллар билан сирлашяпти. Мен эса ҳуқуқий маслаҳатларимни беряпман.
Фуқаролар йиғини раиси Моҳирахон Турсунованинг таъкидлашича, айни кунда ҳудудда 18 нафар тадбиркор фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг сонини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Ҳоким ёрдамчиси шу соҳага қизиқувчи фуқаролар билан гаплашиб, амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит олиб беришда кўмаклашяпти. 100 га яқин хонадонда иссиқхоналар мавжуд бўлиб, лимон, помидор, бодринг ва зиравор етиштирилади.
Масалан, «Аёллар дафтари» рўйхатига олинган Муқаддам Жўраевага имтиёзли кредит асосида 5 та тикув машинаси олиб берилгач, у кичик сех ташкил этиб, қўлида ҳунари бор аёлларни иш билан таъминлади. Аҳолининг кам таъминланган қатламини иш билан таъминлаш мақсадида 80 нафарга яқин хотин-қиз тирикотаж ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга касаначилик асосида бириктирилган.
Фуқароларнинг иш билан банд бўлгани, бекорчиларнинг йўқлиги, энг муҳими, барча ишлар ҳамжиҳатликда олиб борилаётгани туфайли «Кичик Кенагас» обод ва хавфсиз маҳаллага айланмоқда.
– Нафақат Кичик Кенагас, балки бошқа маҳаллаларда ҳам жиноятчиликни жиловлашда фахрийлар тажрибасидан унумли фойдаланяпмиз, – дейди Учкўприк тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Азизбек Умаров. – Ҳар бир профилактика инспекторига ўзи хизмат олиб бораётган ҳудуддан бир нафар фахрий маслаҳатчи этиб бириктириляпти. Эндиликда инспекторлар фахрийларнинг ўгит ва маслаҳатларига таянган ҳолда иш олиб боришади. Ўйлаймизки, тажрибага эга устозларнинг ёрдами ёш ходимларнинг касбий маҳоратини оширишда қўл келади.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
