Пиротехника буюмлари таркибида турли касалликларни келтириб чиқарувчи заҳарли моддалар мавжуд.
Пиротехника маҳсулотларини ранг-баранг ва ялтироқ ҳолга келтириш учун ишлаб чиқарувчилар уларга ноорганик металларнинг тузларини қўшади. Бу моддалар ўта кучли токсикат ҳисобланиб, ҳатто онкологик касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, пақилдоқлар таркибига симоб ва сурма бирикмалари кириши мумкин. Ҳар қандай пиротехника атмосферага салбий таъсир кўрсатади, чунки ўзидан ҳавога кўп миқдорда карбонат ангидрид гази чиқаради.
«Долзарб 40 кунлик» профилактик тадбирлари доирасида Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг сотилиши ва ишлатилишига йўл қўймаслик бўйича назорат-рейд тадбирлари кучайтирилди.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ материалларига кўра, Избоскан туманида ўтказилган тезкор тадбирлардан бирида Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшовчи Аҳмад Юсупов (исми ва фамилияси ўзгартирилган) бошқарувидаги Cаптива русумли автомашина тўхтатилган. Автомобилни кўздан кечириш чоғида транспорт юкхонаси ва салонида 132 дона салют ва петардалар борлиги аниқланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Борис КЛЕЙМАН.
