Хоразм вилояти Иибда мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда бошқарма шахсий таркиби, ҳудудий ва соҳавий хизматларнинг ходимлари ҳамда узоқ йиллар давомида ички ишлар органларида самарали хизмат қилган бир гуруҳ фахрийлар иштирок этишди.

  Ушбу байрам тадбирида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Даврон Назармуҳамедов сўзга чиқиб, йиғилганларни мазкур сана билан самимий қутлади ҳамда Конституциямизда белгилаб берилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги жараёнлар ижобий самара бераётгани, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга, эртанги кунимизга бўлган ишончнинг ортишига ҳамда турмуш тарзининг яхшиланишига, шахс ва давлат хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлигини таъкидлади.

  Шундан сўнг, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, унинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ҳамда фахрийларига “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу юксак мукофот мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни таъминлашдек шарафли вазифани амалга оширишда янада катта масъулият юклашини эътироф этишди.                                                                                  

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.