Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 24-августдаги “Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Жиззах вилояти ички ишлар органларининг энг намунали ходимларини аниқлаш мақсадида кўрик-танлов ўтказилди. Ғолиблар “Энг яхши ички ишлар органи бошлиғи”, “Энг яхши профилактика инспектори”, “Энг яхши терговчи”, “Энг яхши тезкор ходим” номинасиялари бўйича сараланди.
Бу жараёнда иштирокчиларнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги синовдан ўтказилди. Қатнашчилар 100 метр ҳамда 3000 метрга югуриш, тўсинда тортилиш, жанговар қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ отиш, қўл жанги бўйича маҳоратларини намойиш қилдилар. Шунингдек, ходимларнинг сиёсий, ҳуқуқий билими, ИҚ даражаси, индувидиал психологик хусусиятларини аниқлашга қаратилган тест синовлари ўтказилди.
– “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” шиори остида ташкил этилган мазкур кўрик-танлов ходимларнинг жанговар, жисмоний ва касбий тайёргарлик даражасини кучайтириш, шахсий таркибда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишига ишонаман, – дейди вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, маёр Фурқат Жабборов. – Эндиликда ҳар йили ўтказиладиган ушбу тадбир ҳамкасбларимизнинг тажриба ва малакасини ошириш, ташаббускорлик ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш билан бирга, салоҳиятли ходимларни аниқлаш ҳамда раҳбарлик лавозимлари учун истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришда қўл келади. Қолаверса, яхши ходимларимизни муносиб рағбатлантириш имкониятлари кенгаймоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 4 йўналишда ўтказилган беллашувларда 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаганлар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этадилар. Ғолибларга 25 октябръ – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларида диплом, пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилиши кўзда тутилган.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
