ИИВ Малака ошириш институти Бектемир базасида институт шахсий таркиби ҳамда ички ишлар органларининг “маёр” махсус унвонини олиш учун келган малака ошириш ўқув курси тингловчилари билан “Коррупсияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Тошкент вилоят судининг судяси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, досент Умид Сайдаҳмедов, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Таълим муассасалари бўйича бўлим бошлиғи, подполковник Темур Байжановлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Институт бошлиғи, полковник Олимжон Аҳмедов тадбирни очиб, жамият тараққиётига тўсқинлик қиладиган салбий иллатлардан бири саналган коррупсиядан сақланиш ва унинг қурбонига айланмаслик тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг У. Сайдаҳмедов коррупсияга қарши мамлакатимизда жиддий кураш олиб борилаётганлигига қарамай, ҳали ҳам бундан хулоса чиқармаётганлар борлигига алоҳида урғу берди. Шунингдек, коррупсияни вужудга келтирувчи омиллар, шарт-шароитлар ва унга қарши курашишда хорижий мамлакатларда олиб борилаётган усуллар тўғрисида маълумотлар бериб ўтди.
Давра суҳбатида подполковник Темур Байжанов томонидан ходимлар хизмат интизоми ва қонунийликка оғишмай риоя қилиши, вазирлик ва институт раҳбариятининг меъёрий буйруқлари ва кўрсатмаларини бажаришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида йўриқномалар берилди.
Учрашув сўнгида У. Сайдаҳмедовга институт раҳбарияти томонидан миннатдорчилик билдирилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.
