Жонажон ватанимиз тинчлик-осойишталигини кўз қорачиғидек асраб келаётган фидойи ва жонкуяр ҳарбийларимиздан бири капитан Хумоюн Маҳматқуловдир. У 1989 йилнинг 21 ноябр куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. 2017 йилда ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетини муваффақиятли тамомлайди.
Илк хизмат фаолиятини 2017 йили ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида жойлашган ўша пайтдаги 7553-ҳарбий қисмда гуруҳ командири, сўнгра эса, ИИВ Ҳарбий тузилмаларининг фаолиятини таъминлаш базаси алоқа воситалари ва компютер техникаларини таъмирлаш цехи бошлиғи лавозимида хизмат қилган.
Устозлари ёрдамида касб сир-асрорларини мукаммал эгаллаган ёш ҳарбий хизматчи ҳозирда Наманган вилоятидаги 7552-ҳарбий қисм ШТАБИ муҳандислик техник таъминоти бўйича катта офицери лавозимида самарали фаолият юритмоқда.
Асосий вазифаси қўриқланаётган объэктлардаги техник қўриқлов воситаларини доимий соз ҳолатда сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш бўлган бу йигит, ўзининг ҳаракатчанлиги, тиришқоқлиги ва уддабуронлиги билан барча сафдошларига намуна бўлиб келяпти. Бундан ташқари, тиниб-тинчимас Х. Маҳматқулов ўзига берилган бошқа топшириқларни ҳам жонкуярлик билан адо этмоқда.
Шунингдек, шахсий таркибнинг маънавий салоҳиятини оширишда, ёш ҳарбий хизматчиларни она Ватанга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳам ўзининг фидойилиги билан ҳарбий қисм қўмондонлигига яқиндан ёрдам бераётир.
Шу боисдан, фаолияти давомида ижобий натижаларга эришиб келаётган капитан Хумоюн Маҳматқуловнинг она юртимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, кўплаб маротаба рағбатлантириб келиняпти.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
