Юртимиз тинчлиги йўлида куну тун ўзининг беминнат хизматини аямай келаётган ҳарбийларимиздан бири ИИИ даражали сержант Улуғбек Мамадалиевдир. У 1990 йилнинг 23 сентябр куни сўлим ва бетакрор Наманган вилоятида таваллуд топган. 2013 йилда мазкур ҳудуддаги Сержантлар тайёрлаш мактабини муваффақиятли тамомлайди.
Илк хизмат фаолиятини 2010 йили ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Наманган вилоятида жойлашган 7552-ҳарбий қисм назоратчи-ўқчи лавозимида бошлаган ёш ҳарбий устозлари кўмагида касб сирларини мукаммал ўрганиб, ҳозирда ҳарбий қисм Тарбиявий ва мафкуравий ишлар гуруҳи бошлиғи лавозимида самарали фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, ўзининг ташаббускорлиги ва уддабуронлиги билан барчага намуна бўлиб келаётган тиниб-тинчимас бу йигит, ўзига юклатилган вазифаларни ҳам фидойилик билан адо этиб, бошқа сафдошларига ҳам намуна бўлаётир.
Бундан ташқари, шахсий таркибнинг маънавий салоҳиятини оширишда, ёш ҳарбий хизматчиларни она Ватанга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳам ўзининг жонкуярлиги билан ҳарбий қисм қўмондонлигига яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Шу боисдан фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб келаётган ИИИ даражали сержант Улуғбек Мамадалиевнинг она Ватанимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб қадрланиб, бир неча маротаба мукофотланган.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
