Жиззах шаҳар ИИБ 3-сонли ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пунктлари профилактика инспектори, капитан Жамшид Зияев 1988 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. У ички ишлар органларидаги фаолиятини 2013 йилда бошлади. Айни вақтда эгаллаб турган лавозимида 2020 йилнинг мартидан буён хизмат қилмоқда. 2021 йилда у 100 га яқин ҳуқуқбузарликларни аниқлади. Шунингдек, бир қанча жиноятларни фош қилди.
Чунончи, Жиззах шаҳрининг Амир Темур номидаги маҳаллада яшовчи Х.М. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, Жиззах шаҳрининг Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган маиший техникалар дўкони қаршисида уяли алоқа воситасини номаълум шахс ўғирлаб кетганлигини билдирган. Мазкур жиноятни фош қилиш Жамшид Зияевга топширилди. У суриштирув ўтказиш билан бирга ҳудуддаги кузатув камералари тасвирларини ўрганиб чиқди.
Мазкур жараёнда ўзини шубҳали тутган шахс капитаннинг эътиборини тортди ва у гумонланувчини Жиззах шаҳрининг Ёшлик маҳалласида қўлга олди. Ушбу фуқаро Ғаллаорол туманининг “Мирзабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қ.А. бўлиб чиқди. Айбланувчидан ўғирланган уяли алоқа воситаси ҳужжатлаштириб олинди.
Капитан Жамшид Зияев доимий равишда ўз касбий маҳоратини ошириб бормоқда. У ўзининг самарали фаолияти билан фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшяпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
