Фориш тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика катта инспектори, капитан Ойбек Ўришов 1989 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. У ички ишлар органларидаги фаолиятини 2014 йилда бошлади. Эгаллаб турган лавозимида 2020 йилдан буён хизмат қилмоқда. 2021 йилда капитан 100 дан ошиқ ҳуқуқбузарликни аниқлаб, бир қанча жиноятларни фош қилди.
Чунончи, ҳамкасби билан тунги хизматни ўтаётган Ойбек Ўришов соат 22:30 лар атрофида “Хонбанди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 нафар шахснинг қорамол етаклаб кетаётганлигини кўриб қолди.
Ушбу фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш жараёнида улар қаровсиз қолган қорамолни ўғирлаб кетаётгани ойдинлашди. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу шахслар 6 кишилик жиноий гуруҳ аъзолари эканликлари аниқланди.
Чунончи, Шароф Рашидов туманининг Ҳамид Олимжон номидаги ва Учтепа, Раваллиқ маҳаллаларида яшовчи 4 нафар ҳамда Фориш туманининг Хонбанди маҳалласида яшовчи 2 нафар фуқаро 2021 йилнинг 25 ноябридан 15 декабрига қадар 6 та ўғирликка қўл уришган. Улар Шароф Рашидов туманининг Тоқчилик, Ҳамид Олимжон, Учтепа, Раваллиқ ҳамда Фориш туманининг Хонбанди маҳаллалари ҳудудида яшовчи аҳолига тегишли қорамоллар ва қўйларни ўғирлаб, сотиб юборишган. Ашёвий далиллар сифатида 5 бош қорамол ва 4 бош қўй ҳужжатлаштириб олинган. Хуллас, капитан Ойбек Ўришовнинг сергаклиги натижасида жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Бу хизмати учун профилактика катта инспектори Жиззах вилояти ИИБ томонидан рағбатлантирилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
