1994 йилда Навоий вилояти Кармана туманида ишчи оиласида туғилган, исми жисмига мос Жавоҳир болалигидаёқ аксар тенгдошларидан кўп жиҳатлари билан ажралиб турарди. Мактабни аъло баҳоларга тугатгач, ҳеч иккиланмасдан ўзи орзу қилган олий таълими муассасаси - ИИВ Академиясига ҳужжат топширди. Академияни муваффақиятли тамомлагач, илк фаолиятини Навоий вилояти Навбаҳор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида бошлади.

Айни вақтда катта лейтенант Жавоҳир Файзиэв Навоий вилояти ИИБ ТХТБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи суриштиручиси лавозимида фаолият кўрсатяпти. Жорий йил ҳисобида ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш каби ҳолатлар билан боғлиқ жами 6 та жиноят иши бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борди. Уларнинг 3 таси айблов далолатномаси, 3 таси эса ярашув билан якунланган.

Март ойида темир йўл вагонларида ёқилғини талон-тарож қилган бир гуруҳ шахслар иши бўйича суриштирув олиб бораётганида, унга катта миқдорда пора таклиф қилинди. Гумон қилинувчига бу қилмиши қонунга зид эканлигини тушунтиришига қарамай, у пора таклиф қилишда давом этди. Шу сабабли мазкур шахсга нисбатан қонуний чора кўрилди.

Ҳалол хизмати, касб маҳорати туфайли касбдошлари ичида обрў- эътиборга эришган Жавоҳир Файзиэв ҳар бир бошлаган ишига маъсулият билан ёндашиб, уни адолат билан якунлайди. Фидойиларча хизмати раҳбарият томонидан муносиб баҳоланиб, қаҳрамонимиз Иивнинг эсдалик қўл соати билан тақдирланди.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.