Қаҳрамонимиз 1987-йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2007-йилда бошлаган.

Айни пайтда Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биринчи туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаси катта инспектори вазифасида хизмат қилади.

Ислом Умаров ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган, масъулиятли, тажрибали ва синчков ходимлардан бири ҳисобланади. Ундаги бу хислатлар хизмат жараёнида жуда асқотмоқда. Яқинда унинг хушёрлиги ва синчковлиги туфайли қидирувдаги шахс қўлга олинди.

Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноят содир этганлиги учун Қўқон шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда қидирувда бўлган фуқаро У.Ж. 2021-йил 11-сентябр куни вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси биринчи туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмасига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун келади.

Ўзаро мулоқот чоғида ушбу шахс катта сержант Ислом Умаровда шубҳа уйғотади. Шундан сўнг катта инспектор маълумотлар базасидан У.Ж. шахсига доир маълумотларни текшириб кўради. Натижада унинг терговдан қочиб яшириниб юрганлиги, ҳозирда қидурувда эканлиги муълум бўлади.

Катта сержант И. Умаров ва тезкор хизмат ходимларининг сай-ҳаракати билан ушбу шахс қўлга олинди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.