Катта лейтенант Сардор Махсатуллаэв 1991 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида таваллуд топган. 2016 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ҳуқуқшунослик факулътетини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2017 йилда Чилонзор тумани ИИБ Тергов бўлими терговчиси лавозимидан бошлаган. Ҳозирда Чилонзор тумани ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ТБ бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.  

Келажакда ўз олдига юксак марраларни қўйган ходим 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ҳам таҳсил олди. У хизмат фаолиятини давом эттирар экан, ўз устида ишлаб, изланиб, устозларидан касб сирлари пухта ўзлаштириб, қатор ютуқларга ҳам эришиб келмоқда. 

Жумладан, пойтахт ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда хизмат вазифасига масъулият билан ёндашганлиги учун раҳбарият томонидан бир неча маротаба фахрий ёрлиқ ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланган.

Фаолияти давомида кўплаб жиноят ишларини пухта ва синчковлик билан тергов қилган. Жумладан, у 1981 йилда туғилган Э.Ш.нинг гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятини тергов қилмоқда. Яъни туман миқёсида ўтказилган махсус тадбир давомида Э.Ш.нинг оқ рангли “Нексия-2” русумли автоуловидан полиэтилен пакетга ўралган гўшт маҳсулоти ичига яшириб қўйилган, сотиш учун мўлжалланган жигар рангли ўткир ҳидли мазсимон моддалар борлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ томонидан ўтказилган судга оид кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу модда таркибида опий гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд алкалоид-морфин мавжуд бўлиб, унинг оғирлиги 100,62 граммга тенглиги маълум бўлган. 

Катта лейтенант С. Махсатуллаэв ушбу жиноят ишини пухта ўрганиб, тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда. 

Сарвар СОБИРОВ,

“Постда” мухбири.