Алижон 1984 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Бухоро автомобил-йўллар техникумини тамомлаган. Илк хизмат фаолиятини Ғиждувон тумани ИИБ Вақтинчалик сақлаш ҳисбхонаси навбатчиси лавозимида бошлаган. Кейинчалик туман ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бўлими кичик инспектори лавозимига ўтказилиб, анча йил самарали хизмат қилди. 2021 йил январ ойидан эса туман ИИБ 3-сонли ИИБ Таъминлаш бўлинмалари ходими вазифасида хизмат қилиб келмоқда.
Сафдор А. Ибодов ўн олти йилдирки, ғиждувонликларнинг хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек, содир этилиши мумкин бўлган безорилик, талончилик, ўғрилик жиноятларининг олдини олишда жонбозлик қиляпти. Айниқса, мавсумий тадбирларда фаоллиги яққол кўзга ташланади. Шу боис ҳам ҳар йили туман ва вилоят ИИБ раҳбарияти, қолаверса, ИИВ томонидан рағбатлантирилмоқда. Жумладан, 2016 йилда “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонига, жорий йилнинг сентабрида эса “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 30 йил” эсдалик нишонига сазовор бўлди.
А. Ибодов ёшларга касб сирларини ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Кўпчилик ёшлар хизмат вазифаларини ва ИИВ мейўрий ҳужжатларини ўзлаштиришда унинг насиҳату йўл-йўриқларидан баҳраманд бўлишяпти. Улар танлаган касбини чуқур ўзлаштириш билан бирга, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларни пухта билиши, ушбу ҳужжатлар талабларини фуқаролар онгига чуқур сингдириб бориши билан халқ орасида обрў-эътибор, иззат-ҳурмат қозонмоқда. Бу ҳам устозларининг шарофатидандир. Айни пайтда улар ҳам сафдор Алижон Ибодовни устозим деб таърифлашади.
Ҳа, Алижондек иродали, билимли, довюрак, жасоратли ходим билан хақли равишда фахрлансак арзийди.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
