Сержант Ўктамжон Нематов сафдор М. Камолов билан кечки пайт ўз ҳудуди бўлган Бухоро шаҳридаги Мирдўстим кўчасидан ўтиб кетишаётганида ёши ўттизларга борган шахснинг хатти-ҳаракати эътиборини тортди. Унинг иккиланиши шубҳани янада орттирди. Холислар иштирокида шубҳали шахснинг чўнтаклари текширилганда, гугурт қутисига солинган ўткир ҳидли ўсимлик моддаси чиқди. 

Сержант Ў. Нематов уни тегишли тартибда Бухоро шаҳар Ииофмбнинг экспертиза бўлимига юборди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, гиёҳвандлик моддасининг соф вазни 4,12 грамм эканлиги аниқланди. Шу тариқа, осойишталик посбонининг ҳушёрлиги ва зеҳни ўткирлиги туфайли кўплаб жинояту ҳуқуқбузарларнинг олди олинди. 

Ўктамжон ички ишлар органларидаги йигирма тўрт йиллик хизмат фаолияти давомида кўплаб ана шундай ҳушёрлик намуналарини намоён этиб, самарали фаолият кўрсатиб келяпти. У нафақат вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ патрулъ-пост хизмати баталъони шахсий таркиби, балки вилоят ИИБ раҳбарияти эътиборига ҳам тушган.

Сержант Ў. Нематов 1977 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. 1997 йили Бухоро автомобилъ ва йўллар коллежини тугатиб, Бухоро шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлимида сафдор ходимликдан хизмат фаолиятини бошлади. У тажрибали устозларидан касбнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, малакасини йил сайин ошириб борди. Шу боис ҳам кўп ўтмай уни жамоат тартибини сақлаш хизматига ўтказишди. Ҳозирда патрулъ-пост хизмати баталъонининг саф бўлинмалари учинчи отряд бўлинма командири лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

– Ўктамжоннинг зеҳни жуда ўткир. У топшириқларни доимо ўз вақтида ва бекаму кўст адо этади, – дейди учинчи отряд командири, маёр Ҳ. Файзиэв. –Жорий йилнинг ўтган даврида шахсан ўзи бир неча жиноят ҳамда майда безорилик ва ташмачилик ҳолатларини аниқлаб, раҳбарият томонидан рағбатлантирилди.

Сержант Ў. Нематов жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида самарали фаолият кўрсатиб, ҳудудидаги ташкилот, корхона, ўқув даргоҳларини доимий равишда ўрганиб, ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил шахслар билан алоҳида профилактик суҳбатлар ўтказиб келяпти. Бундан ташқари, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари билан биргаликда ҳудуддаги ободонлаштириш ишларида ҳам фаол иштирок этиб, фуқароларнинг ходимга нисбатан ижобий фикрга эга бўлишларига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Лавҳамиз қаҳрамони Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ИИБ томонидан бир неча бор муносиб тақдирланган. Хусусан, 2009 йили “Аъло хизматлари учун” ва 2020 йили ИИИ даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари билан мукофотланди. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.