Лейтенант Улуғбек Тойиров 1992 йилда Қашқадарё вилоятида таваллуд топган. 2015 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини, 2019 йилда эса ИИВ Академияси касбий тайёргарлик факулътетини тамомлаган.
Ички ишлар органларидаги фаолиятини Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 3-баталъон 6-отряд гуруҳ командирлигидан бошлаган. Ҳозирда 6-отряд командирининг ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
У ўзи фаолият олиб бораётган отряд ходимлари билан мунтазам равишда янада самарали хизмат олиб бориш юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради. Фуқаролар билан хушмуомала бўлиш ва ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликка қарши муросасиз бўлиш лозимлигини уқтиради. Унинг қўл остидаги ходимлар ўтган 3 ой мобайнида 70 дан ортиқ ҳуқуқбузарни аниқлаб, қонун ҳукмига топширди, 5 дан ортиқ жиноятни “иссиқ изидан” очишга муваффақ бўлди.
Хусусан, унинг ўзи Юнусобод туманида тунги хизматга масъул булиб тушган куни ҳам бир жиноят ўз вақтида аниқланди. Яъни тахминан тунги соат 03:00 ларда тумандаги Хотира майдонида 6-отряд ходимлари шубҳали кўринган шахсни тўхтатишади. Ўзини 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган М.П. деб таништирган фуқаро текшириб кўрилганда, унинг ёнидан кичкина граммли торози ва бурунга сепадиган суюқлик ҳамда сохталаштирилган 80 дона Ақш доллари борлиги маълум бўлган. Шунингдек, у яна 21 дона кўк рангли тасмага ўралган оқ рангли кукунсимон моддани ерга кўмиб қўйиб, телеграм орқали локация ташлаб харидорларни чақириб гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланишини ҳам билдирган. М.П.га қонуний чора кўриш учун туман Ииофмбга олиб келиб топширилган.
Сарвар СОБИРОВ,
“Постда” мухбири.
