1982 йилда Сурхондарё вилоятининг чекка туманларидан бири Сариосиё заминида туғилиб вояга етган Фахриддин Чоршанбиэв, 14 йилдирки, ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб келмоқда.
Одатда камтар одамларни яхши кўрамиз. Бу бизнинг шарқона менталитетга хос хусусият. Сафдор Фахриддин Чоршанбиэвни ҳам ҳамкасблари ана шундай камтарлиги, самимийлиги учун ҳурмат қилишади. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2007 йилдан бошлаган қаҳрамонимиз Сариосиё ҳамда Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлимларида хизмат қилган. 2013 йилда бери ҳозирги кунга қадар Сариосиё тумани ИИБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳининг конвой милисионери лавозимида хизмат бурчини ўтамоқда.
У қидирув ҳамда гиёҳвандликка қарши кураш тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Қолаверса, оммавий тадбирларда ҳам Ф.Чоршанбиэв бошқа ҳамкасблари қатори жамоат тартибини сақлашга жалб этилганда одамлар билан хушмуомала бўлиш, ҳушёрликни қўлдан бой бермаган ҳолда, ўз масъулиятини тўлақонли адо этишга маҳкам бел боғлайди.
Тўрт нафар фарзандни умид билан улғайтираётган қаҳрамонимиз уларнинг тарбиясига жиддий эътибор қаратади. Уларнинг таълим-тарбияси, мактабдаги хулқ-атворини мунтазам назорат қилишдан эринмайди. Кундалигидан тортиб фанларни қандай ўзлаштиришётганини ҳам кузатиб боради.
Вазифаси қандай бўлишидан қатъи назар, унинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда виждонан адо этадиган ходимлар кўпчиликнинг эътиборида ва ҳурматида бўлади. Сафдор Ф.Чоршанбиэвни ҳам ана шундай ходимлар сирасига кирицак, хато бўлмайди.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
