Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ИИВ Академияси 3-босқич курсантларининг амалиётга киришишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти, вазирлик Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси вилоят бўйича бошқармаси, мураббий этиб бириктирилган ходимлар, курсантлар ҳамда уларнинг ота-оналари қатнашди.
Таъкидланганидек, ҳар йили ИИВ Академияси битирувчи курс тингловчилари иш ўрганиш, олийгоҳда олган билимларини амалиётда тўғри қўллаш, касб сирларини пухта ўрганиш учун жойларда амалий машғулот ўтайди. Бунда курсантларнинг касбий маҳорати, жисмоний ва жанговар шайлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, вилоят Иибга амалиёт ўташ учун келган курсантлар шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида тергов, жиноят қидирув, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика йўналишларида тажрибали ходимлар мураббийлигида белгиланган дастур асосида машғулотларда иштирок этишади. Шу билан бирга, улар хизматда асқатадиган меъёрий ҳужжатларни ҳам ўқиб-ўрганишади.
Йиғилишда амалиёт давомида курсантлар хизмат кийимида ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этмаслиги, ўз устида ишлаб, амалдаги буйруқ ва қонунларни пухта ўрганиши, салбий ҳолатларга йўл қўймаслиги, тенгқурларининг ножўя ҳаракатини сезганда огоҳлантириши ва бу ҳақда раҳбариятни хабардор қилиши лозимлиги тушунтирилди. Якунда ўқув фанларини аъло баҳоларга топширган, намунали интизомли курсантларнинг ота-оналарига Академия раҳбариятининг ташаккурномалари топширилди.
С.РАҲИМОВ,
ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
