1992 йилда Наманган вилояти Чуст тумани Ахча қишлоғида туғилган. 2017 йилда Наманган муҳандислик-технология институтини тамомлаган. Нодиржон Қурбоналиев илк фаолиятини Чуст тумани “Етти қўрғон” Мфйда профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимидан бошлаган. Мазкур МФЙ профилактика инспектори капитан Исломжон Рустамовдан соҳа сир-асрорларини ўрганган. Тиним билмай қилаётган меҳнати, ҳаракати самараси ўлароқ раҳбарият эътиборига тушди. Ва кўп ўтмай 2020 йилда Чуст туман “Қизилтепа” Мфйга профилактика инспектори лавозимига тайинланди. Ёш бўлишига қарамай сафдошларининг ҳурматини қозонган. Ҳозирда ўзига бириктирилган маҳалла обод ва тинч бўлиши учун фидойилик билан хизмат қилиб келмоқда. Маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Маҳалладаги кам таъминланган оилалар, ёшлар билан мунтазам мулоқотда.
Жорий йил бошидан ҳозиргача 50 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, баённомалар расмийлаштирди. 50 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатини ўрганиб, уларнинг ижобий ҳал қилинишига ўз ҳиссасини қўшди. Фаолияти давомида ижобий натижаларга эришиб келаётган лейтенант Нодиржон Қурбоналиевнинг хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, кўп маротаба рағбатлантирилган.
Феруза ОТАХОНОВА,
«Постда» мухбири.
Наманган вилояти.
