Маҳалла — тарбия ўчоғи. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришда унинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс. Шу боис сўнги йилларда юртимизда маҳалла институтининг нуфузини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада маҳалла ноёб тузилма сифатида ўзини ҳар томонлама намоён этаяпти. Буни фуқаролар йиғинлари фаоллари ва профилактика инспекторлари ҳамкорлиги самараси ўлароқ, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги таъминланаётгани, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ушбу ишларнинг давоми сифатида Бухоро тумани Ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тумандаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Тадбирда асосан фирибгарлик, унинг бугунги кунда энг кўп учрайдиган турлари, ўғрилик, тан жароҳати билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг профилактикаси, оила-турмуш доирасидаги жиноятлар юзасидан маҳалла фаоллари билан фикр алмашинилиб, маҳалланинг оқсоқоллари, отинойилари, обрў-эътиборли фуқароларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш борасида келишиб олинди.

 

Одилжон УМУРОВ,

маёр.

         

Бухоро вилояти.