“Бухоро тажрибаси” асосида вилоят ҳокими Б.Зарипов бошчилигида ҳудудларда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг “маҳаллабай” муҳокамаси ўтказилди. Тадбир вилоят ҳокимлигида видеоконференцалоқа тизими асосида олиб борилди. Унда ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, туман ва шаҳарларнинг сектор раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари, маҳаллалар еттилик вакиллари иштирок этишди.

Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган мазкур муҳокама йиғилишида содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга омил бўлаётган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди. Бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, жараёнда муҳокамага қўйилган ушбу маҳаллалар масъулларига, ҳудудий сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Муҳокама якунида вилоят ҳокими Б.Зарипов барча даражадаги ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла еттилик вакилларига ҳар бир кўча, қишлоқ, овул ва аҳоли пунктларидаги муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш, миграцияда юриб қийналган фуқароларни қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш, миграцияда юрган фуқароларнинг оила аъзолари, судда низолашаётган ёки низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар, пробация назорати остида турган, шунингдек, руҳий асаб ҳамда наркология диспансери рўйхатида турган, оилавий зўравонликка учраган шахслар билан манзилли ишлаш борасидаги ҳамкорликда вазифалар юзасидан ўзининг кўрсатма ва топшириқлар берди.

Ш.ҲАЙИТОВ,

подполковник.

Бухоро вилояти.