Вилоят ИИБ ҳамда Когон тумани ИИБ масъуллари томонидан тумандаги “Ўзбекистон” Мфйда “Хонадонбай” тизими асосида аҳоли орасида “Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор профилактик тадбирлари амалга оширилди. Тадбир давомида қишлоқлар бўйлаб 17 та савдо объэкти, хонадонлар, кўча ва жамоат жойларида, шунингдек, 14 та низоли оила, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар вакиллари, корхоналар ходимлари ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга доир ҳуқуқий-тарғибот ишлари олиб борилди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш муассасаси ҳисобида турган 16 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва руҳий касаллар хонадонларига соҳа ходимлари билан бирга борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва тиббий кўрикдан ўтказилди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга фирибгарлик, ўғирлик ҳамда кибержиноятчилик қурбонига айланиб қолмаслик йўлларини тушунтириш мақсадида чорва мол олди-сотдиси ва қассоблик билан шуғулланувчи фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида 93 нафар қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 14 та автомашина қарздорлиги бўйича жарима майдончасига жойлаштирилди ва 8 миллион 230 минг сўм миқдордаги жарималар ундирилди. Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш бўйича 120 нафар фуқаро билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, ҳайдовчиларга 100 га яқин тарғибот буклетлари тарқатилди.

Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи 31 нафар муқаддам судланган, 7 нафар хавфли гуруҳга кирувчи шахс ва 10 нафар профилактик ҳисобда ҳамда пробация назорати остида турган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилиб, келгусида такроран жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этмаслик бўйича огоҳлантиришлар берилди. Тарғиботлар давомида 900 дан ортиқ буклет ва профилактика инспекторлари ташриф қоғозлари тарқатилди.

Шу куни 9 нафар ов қуроли эгалари ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқаролар билан якка тартибда профилактик ишлар олиб борилиб, мамлакатимизда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида тушунтиришлар берилди.

Х.АМРУЛЛОЕВ,

капитан.

Бухоро вилояти.