Навоий вилояти ИИБ Ташкилий бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини ошириш мақсадида ўқув семинари ташкил этилди.
Унда шаҳар-туман ИИБ ташкилий бўлинмалари бошлиқлари, мурожаатлар билан ишлаш гуруҳлари, навбатчилик қисмлари ходимлари ҳамда вилоят Иибнинг мустақил бошқармалари, соҳавий хизматлари, шаҳар-туман Иибларининг иш юритиш ва тартибот йўналишида фаолият олиб бораётган котибият вакиллари иштирок этди.
Даставвал семинар иштирокчилари билан саф кўриги ўтказилди. Сўнг ходимлар томонидан содир этилаётган қонун бузиш ҳолатлари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, “Коррупсия – жаҳолатга йўл” номли махсус видеоролик намойиш қилинди.
Ўқув дастурига мувофиқ, ҳар бир йўналиш бўйича ходимларга бошқарманинг масъул ходимлари томонидан машғулотлар ўтилди. Шуниси эътиборлики, семинар машғулотлари очиқ ва самимий руҳда, эркин савол-жавоб тарзида ўтди. Ходимлар ўзларини қийнаб келаётган ва иш юритув жараёнлари билан боғлиқ муаммоли вазиятларга ҳам аниқлик киритишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шхбб Навоий вилояти бўйича бўлими масъул ходимлари томонидан хизмат интизомини мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Куннинг иккинчи ярмида ўқув машғулотлари якуни ҳамда биринчи чорак давомида вилоят ички ишлар органлари ташкилий бўлинмалари ходимларининг фаолияти натижалари бўйича ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Унда хато-камчиликларга йўл қўйган ходимлар танқид қилиниб, ижобий натижаларга эришиб келаётганларга минннатдорлик билдирилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
