Вилоят ИИБ тасарруфидаги “Юлдузча” номли Мттда ташкил этилган амалий семинарда республика бўйлаб ички ишлар органлари тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва ўқитувчи-методистлари иштирок этишди. Жараёнларда меҳнат қонунчилигига киритилган янги ўзгаришлар, гуруҳларда ривожлантирувчи марказларни тўғри ташкил этиш мавзуларида маърузалар қилиниб, ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини оширишга аҳамият қаратилди.

Семинар-тренингда иштирокчилардан мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан боғлиқ тест синовлари қабул қилинди ва энг юқори натижа кўрсатганлар алоҳида эътироф этилди. ИИВ тасарруфидаги 2-сон “Ниҳол” номли МТТ раҳбари Нодира Қодировага эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришган, болаларни Ватанга муҳаббат ҳамда янгича дунёқарашни шакллантириш, ёш авлодни юртимизнинг порлоқ келажаги учун муносиб фарзанд бўлиб етишишлари, таълим-тарбия борасидаги ишларни давлат дастури асосида амалга оширилиши ҳамда Мттда таълим-тарбия сифатини янги поғонага кўтарилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ИИВ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари ташаккурномаси билан рағбатлантирилди.

Шу билан бирга, таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантириш йўлида фаолият олиб бораётган семинар-тренинг иштирокчилари ҳамда Бухоро шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул ходимлари бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Қизғин жараёнларга бой бўлган семинар ўзаро тажриба алмашинуви, фикр-мулоҳазаларни билдириш учун қулай имконият яратгани билан аҳамиятли бўлди.

У.ЎТАЕВ,

подполковник.

Бухоро вилояти.