Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасига ташриф буюрган ИИВ ишчи гуруҳи аъзолари ходимлар учун яратилган шароитлар, ватанпарварлик бурчаги билан яқиндан танишишди. Кичик музейни эслатадиган ватанпарварлик бурчагидан вилоят ички ишлар органлари тарихи, тизимда хизмат қилган давлат мукофоти совриндорлари, спорт усталари, ўз бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганлар ҳамда байналминал жангчилар ҳақидаги суратли лавҳалар жой олган.
Меҳмонлар, шунингдек, Бошқарма ҳовлисида замонавий талаблар асосида тўлиқ жиҳозланган “Wоркоут” майдончасини кўздан кечиришди. Бу ерда яратилган қулайликлар ходимларга бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш имконини беради.
Кейинги манзил олис Нурота тумани бўлди. Меҳмонлар туман Иибда ташкил қилинган ватанпарварлик бурчаги билан танишишди. Шунингдек, ходимлар учун яратилган имкониятлар, китобхонлик бурчаги, спорт майдончасини кўздан кечиришди. Бундан ташқари, ходимларнинг билим савияси, соҳага оид Президент фармонлари ҳамда ИИВ буйруқлари бўйича уларнинг билим кўникмалари текширилди. Мулоқотлар жараёнида ходимларнинг мурожаатлари ҳам тингланди.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари Хатирчи туманига ташриф буюришди. Улар асосий эътиборни ходимларнинг хизмат интизомига амал қилиши, фуқаролар билан муносабатларда хушмуомала бўлиши, мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишига қаратишди. Мутасаддилар ички ишлар ходимларига бу борада зарур тавсиялар беришди. Шунингдек, туман Иибда ташкил қилинган ватанпарварлик бурчаги ва спорт майдончалари кўздан кечирилди. Ходимларнинг тизим фаолиятига доир билимлари мулоқотлар ҳамда савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди.
ИИВ ишчи гуруҳининг вилоятимизга ташрифи туманлар кесимида давом этмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда”мухбири.
Навоий вилояти.
