Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ИИВ Хоразм академик лицейининг бир гуруҳ ўқувчилари вилоят ИИБ “Меҳнат ва жанговар шуҳрат” музейига ташриф буюришди.

  Мазкур маънавият масканига ташриф буюрган келажагимиз эгалари дастлаб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари хотирасига бағишлаб ўрнатилган монумент пойига гулчамбар қўйиб, унда номлари зикр этилган халқимиз қаҳрамонлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.

  Шундан сўнг улар Хоразм милициясининг ташкил этилиш тарихи, соҳавий хизмат турлари ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, турли даврларга оид маълумотлар, фотосуратлар, қурол-яроғ, кийим-бош, махсус техника ва экспонатларни томоша қилишди. Шунингдек, айни пайтда ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ҳамда уларнинг вазифалари ҳақида батафсил тушунчалар ҳам олишди.

  Айниқса, вилоят ички ишлар органларининг мустақиллик йилларидаги фаолиятини акс эттирувчи алоҳида бўлим лицей ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди.

   – Бугун биз узоқ ўтмишга саёҳат қилдик, – дейди мазкур лицей 1-курс ўқувчиси Мунис Баҳодиров. – Ушбу саёҳатимиз давомида ички ишлар органларининг тарихи ва бугуни билан танишиб, унутилмас таассуротларга эга бўлдик.

   Шундай экан, бу каби тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Шокир ЮСУПОВ,

                                                            истеъфодаги подполковник.