Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида ёшлар ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш ҳаракати бошланди. Жумладан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар ва ёшлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Тошкент вилоятидаги 21-сон жазони ижро этиш колониясида ҳам “Ватан тақдири — менинг тақдиримда” шиори остидаги учрашув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Ёшлар ишлари агентлигининг масъул ходимлари ҳамда эл ардоғидаги санъаткорлар, адиблар, спортчилар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи малакали мутахассислар ва жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумалар иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, тадбиркорлик ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, маҳкумалар ўртасида спорт мусобақалари, мушоира кечаси ҳамда тадбиркорлик йўналишлари бўйича семинар треннинглар ташкил этилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан тегишлича жавоблар олишди. Айниқса, маърифий кечада Ўзбекистон халқ артисти Меҳри Бекжонова ижросидаги дилтортар тароналар жазо муддатини ўтаётганларга ўзгача кайфият улашди.
Шундан сўнг ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти номидан ҳамкор вазирлик ва ташкилот вакилларига миннатдорчилик билдирилиб, ташаккурномалар топширилди. Жазо муддатини ўтаётган хотин-қизларни маданият, санъат, спорт ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масалаларига урғу берилаётгани келгусида уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД
Ахборот хизмати.
