Жорий йилнинг 19 сентябр куни соат тахминан 23:35 ларда Тупроққалъа тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобил йўлининг 493-километрида Нукус-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган “Таcума” русумли автомобилъ “Исузу” юк машинаси билан тўқнашиб кетади. Натижада, автоулов ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этади. 

  Йўловчилардан бири касалхонага етмасдан, яна икки нафари эса, туман шифохонасида вафот этган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тупроққалъа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

  Яқинда, шу муносабат билан ушбу туман ҳокимлигида мазкур йўл-транспорт ҳодисаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, таълим муассасалари вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари иштирок этишди. 

  Муҳокамада вилоят ИИБ ЙҲХБ, туман прокуратураси ва ИИБ раҳбарлари сўзга чиқиб, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ва унга имкон берган ҳолатлар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 

  Жиноят муҳокамасида оддий эътиборсизлик ва масъулиятни ҳис этмаслик ана шундай ҳолатнинг келиб чиқишига сабаб бўлгани таъкидланди. 

  Шунингдек, йиғилишда ҳар бир ҳайдовчи зиммасидаги масъулиятли вазифани унутмасдан ҳушёрлик билан автомашина бошқариши, йўлларда ҳаракатланаётган пиёда, велосипед ҳайдовчиси ва бошқаларга эътиборли бўлишлари қайд этилди. Шунингдек, масъул раҳбарларга ушбу йўл-транспорт ҳодисасидан етарлича хулоса чиқариб, тарғибот тадбирларини янада кучайтириш бўйича муҳим топшириқлар берилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.