Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 14-сонли ўрта умумтаълим мактабида ички ишлар органлари фахрийси, юридик фанлари доктори Абдуғаффор Сатторовнинг “Эл-юрт осойишталиги генераллари” китобининг тақдимоти ҳамда асар муаллифининг соҳа ходимлари, фахрийлар, маҳаллий ижодкорлар ҳамда ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда ички ишлар органлари тизимида муқаддам фаолият кўрсатган ҳамда айни вақтда хизмат қилаётган 90 нафардан зиёд генералларнинг сермазмун ҳаёти, шунингдек мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга қўшган ҳиссаси ҳақида сўзловчи мазкур асарнинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтилди.
– “Эл-юрт осойишталиги генераллари” китоби тақдимоти бежиз ушбу ўқув муассасасида ўтказилмади, – дейди Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Нозим Маҳамматов. – Чунки китоб муаллифи айни шу манзилда, Шароф Рашидов туманининг Қангли қишлоғида туғилиб ўсган, бугун тадбир бўлиб ўтган мактабда таълим олган. Ушбу китобни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда юртимиз ички ишлар органлари тизими тарихи, унинг тараққий этиши ва бир қатор инсонларнинг халқимиз осойишталигини сақлаш йўлидаги фидокорона хизматлари яхши очиб берилган.
Тақдимот давомида ўқув муассасаси ҳаваскорлар жамоасининг “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” номли бадиий композисияси намойиш этилди. Шундан сўнг китоб муаллифи ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар жамланмаси ҳамда эсдалик совғасини топширди.
Якунда меҳмонлар таълим даргоҳи фаолияти билан танишдилар.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
