2023-йил 31-август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида Президентимиз томонидан берилган консептуал топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ноҳақ қатағонга учраган Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларининг номларини тиклаш ва ёш авлодга етказиш орқали уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, қатағон қилинган ходимларга бағишлаб тайёрланаётган китоб ҳамда ҳужжатли филъм учун маълумотлар тўплаш мақсадида вилоят Иибнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, фахрийлар ҳамда тарихчи олимлардан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари ходимларни номма-ном аниқлаш, аниқ рўйхатини шакллантириш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни, архив ҳамда музейларда сақланаётган ҳужжатларни, фото ва видеоматериаллар нусхаларини тўплаш ва ўрганиш ишлари билан шуғулланишмоқда. Шунингдек, ходимларнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни, ноёб суратларни тўплаш, кейинчалик вилоят ички ишлар органлари музейида қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган экспозисия ташкил этиш каби вазифалар юкланди.

Вилоят ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда Бухоро давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, досент Азалшоҳ Ҳамроев билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига қатағон қурбони бўлган Бухоро Халқ Республикасининг биринчи ички ишлар халқ нозири Мухтор Саиджоновнинг меҳнат фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Ж.ШУКУРЛАЕВ,

катта лейтенант.

Бухоро вилояти.