Жиноят муҳокамаси

2020-йилдан 2024-йилнинг иккинчи ярмига қадар Фориш тумани­нинг Ойбек номли маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси мансабдор шахслари 8 миллиард 326 миллион сўмлик табиий газни талон-торож қилишгани фош қилинди. Бу жиноятга табиий газ таъминоти корхоналарининг бир неча мутасаддилари бош қўшгани аниқланди. Агарда коммунал соҳани назорат қилувчи идоралар вакиллари ўз вазифаларини масъулият билан бажарганларида эди, мазкур қонунбузарлик содир бўлмасди.



Ушбу фикрлар Фориш туманида аҳоли вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва коммунал тизимлар вакиллари иштирокида ўтказилган жиноят муҳокамаси аввалида билдирилди. Чунончи, Пахтакор туманининг «Ғалаба» маҳалласидаги автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси мансабдорлари қарийб 784 миллион сўмлик табиий газни талон-торож қилишгани айтилди.

Йиғилишда ички ишлар органлари ходимлари коммунал соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган рейдлар натижалари тилга олинди. Жумладан, 2024-йил давомида ана шундай тадбирлар натижасида Фориш туманида энергия манбалари билан боғлиқ 110 та қонунбузарлик аниқланган. Ўз навбатида, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, коммунал тўловларнинг ундирилиши, куз-қиш мавсумида ижтимоий-иқтисодий обектлар ҳамда аҳоли тураржойларини иссиқлик билан таъминлаш, коррупсияга қарши курашиш борасида қилинган ишлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда ис газидан заҳарланишга йўл қўймаслик масалаларига эътибор қаратилди. Тадбир якунида коммунал соҳада қонунбузарликларнинг олдини олиш юзасидан масъулларга топшириқ ва тавсиялар берилди. 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.