ИИВ Малака ошириш институтининг Бектемир туманидаги ўқув базасида ички ишлар органларининг офисер ва сержант лавозимларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган ходимлар билан махсус касбий тайёрлаш курслари ташкил этилган. Унда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати бўйича сараланган тингловчилар таълим олмоқда.
Тингловчилар билан ўтказилган навбатдаги машғулотга Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими катта инспектори, катта сержант Сардор Сиддиков таклиф қилинди. Амалиётчи ходим томонидан тизимдаги ислоҳотлар натижасида фаолиятга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар, транспорт воситаларини спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда бошқарганлик учун жавобгарликни таъминлаш, бошқарув ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга транспорт воситаларини ҳайдашга йўл қўйишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳамда хориж тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари батафсил тушунтирилди.
Машғулот давомида ИИВ Малака ошириш институтида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўйича таълим олаётган тингловчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассисдан жавоб олдилар.
Сарвар СОБИРОВ,
“Постда” мухбири.
