Хоразм вилояти ички ишлар органлари ходимлари “Қорадори-2022” тезкор-профилактик тадбири давомида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда тақиқланган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштириш билан боғлиқ бўлган кўплаб жиноятларни фош этишмоқда. Бу борада ҳудудий профилактика инспекторлари ҳам фаоллик кўрсатишяпти.

  Масалан, Гурлан туманидаги “Олға” маҳалласи ҳудудида хизмат фаолиятини олиб бораётган профилактика инспектори, лейтенант Д. Ғўчиев “Хонадонбай” ишлаш тизими йўналишидаги профилактик тадбир жараёнида тақиқланган экинларни қонунга хилоф равишда экиш билан боғлиқ бўлган жиноятни фош этди. Жумладан, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Т. Ўктам (исми ўзгартирилган) яшаш уйининг томорқасига 4 туп “каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келган. Бундан хабар топган профилактика инспектори ҳолат юзасидан дарҳол туман Иибга мурожаат қилган. Ҳодиса жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томорқадаги таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган 4 туп, оғирлиги 11 килограммдан зиёд бўлган “каннабис” ўсимлигини холислар иштирокида расмийлаштириб олди.

  Мазкур ҳолат юзасидан Т. Ўктамга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худойберган ЖАББОРОВ,

 “Постда” мухбири.