Бугун ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳарбий ҳаёт билан яқиндан таништириш мақсадида очиқ эшиклар куни тадбирларини ўтказиш анъанага айланди. Шундай тадбирлардан бири ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Қашқадарё вилоятида жойлашган 7533 ҳарбий қисмда 17- умумтаълим мактабдан ташриф буюрган ўқувчи-ёшлар учун ҳам ўтказилди. 

Ёшлар ҳарбий қисмдаги илғор мутахассислар томонидан соҳанинг сир-асрорлари билан таништирилди. Улар дастлаб саф майдони билан танишиб, саф усулларидан иборат машғулотни томоша қилди. Тадбир давомида 80 нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари учун ҳарбий қисм томонидан ҳарбий техника, қурол-аслаҳа ва махсус ҳарбий воситалар, хизмат ити ёрдамида турли хил кўргазмали чиқиши намойиш этилди.

 Ўқ отиш ҳақида тушунча бериб ўтилди ва ўқувчи ёшларни қизиқтириш мақсадида хавфсиз ҳолатда махсус ҳимоя кийимларини кийган ҳолда ўқ отиш тренажёрида аскарлар ҳамда ёшлар ўртасида мусобақа ўтказилди. Бу эса барчада катта қизиқиш уйғотди.

Бундай қурол-аслаҳаларни мен телевизорда, расмларда кўрганман, - дейди 17-умумтаълим мактаб ўқувчиси Ойбек Ҳамроқулов. – Дўстларим билан бирга бу ерга келганимдан хурсандман. Сабаби, ҳарбий шифокор бўлиш орзуим бугун қатъий мақсадга айланди. Бунинг учун аъло баҳоларга ўқиб, аскар акаларим каби Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш учун бор имкониятимни ишга соламан.

Экскурсия давомида, қўмондонлик миқёсида ўтказилган танлов ва беллашувларда ғолибликни қўлга киритган илғор ҳарбий хизматчилар ёшларга ҳамроҳлик қилди. Бу эса, ёшларда Ватан ҳимоячиси бўлишдек масъулиятни мустаҳкамлайди.

   Шунингдек, ўқувчиларга ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитлари ва ҳарбий тайёргарлик маҳоратларига оид саволларига етарлича жавоб берилди. Айниқса, буюк соҳибқирон Амир Темур ва Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди хоналарига саёҳат давомида ёшлар ўзларини катта бир тарихий музейга тушиб қолгандек ҳис этди.

   Ватан ҳимоячиси бўлишни мақсад қилган ўқувчилар эса ҳарбий акаларидан тегишли тавсиялар ҳамда йўл-йўриқлар олишди. Тадбир сўнгига ҳарбий ўйин ва чиқишлари намойиш этилди. Ҳар соҳада маҳоратли ҳарбийларни кўрган ўқувчи ёшлар, ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлишди. 

   Ўзжоку Ҳарбий журналистика йўналиши

 талабаси Нилуфар АЛИЕВА