Жорий йилнинг 10 апрел куни Хоразм вилояти ҳокимлигида секторлар раҳбарлари, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз хонадон”, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисни вилоят ҳокими Ф. Эрманов очиб, ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик самарали ташкил этилаётгани ва бу саъй-ҳаракатлар айни кунда ўзининг ижобий самарасини бераётганига тўхталиб ўтди. 

 Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов сўзга чиқиб, жорий йил 1-чорагида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил қилди. Вазир ўз сўзида яшил ҳудудда қўлга киритилаётган ютуқлар, илғор ташаббусларни сариқ ва қизил ҳудудларда кенг оммалаштириш масаласига алоҳида тўхталди. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар бошлиқларига, ҳудудлардаги секторларнинг раҳбарларига жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда “Маҳаллабай” тамойили асосида иш олиб бориш, содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарликни маҳалла фаоллари иштирокида жойида муҳокама этиш, майда ҳуқуқбузарликлар келгусида оғир оқибатли жиноятларга айланиб кетиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. 

  Йиғилишда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ҳамда Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари, полковник Ҳамза Махсумов сўзга чиқиб, вилоят ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ўрганишлари юзасидан ҳисобот берди. 

  Маърузада таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган биринчи чорагида барча соҳалар бўйича қайд этилган жиноятлар вилоят бўйича 9,5 фоизга, жиноят қидирув соҳаси бўйича эса 19 фоизга камайгани таъкидланди. Вилоят ҳудудидаги 524 та маҳалланинг 469 тасида яъни 89,5 фоизида жиноят содир этилмади. 

  Ишчи гуруҳ аъзолари вилоят ҳудудидаги барча шаҳар ва туманларда бўлиб, жойлардаги ҳокимлар иштирокида профилактика инспекторлари ва маҳалла раислари билан суҳбатлашишди ва жиноятчиликни “Маҳаллабай” жиловлаш, аҳолининг кунлик ижтимоий-маиший муаммоларини “Фуқаробай” ва “Хонадонбай” ҳал этиш бўйича аниқ тушунчалар беришди. Шунингдек, криминоген вазият оғир 47 та маҳалла, ички ишлар органлари бошлиқларига бириктирилган 14 та мактаблар, жойларда ўткир мастлик ҳолатидаги шахсларни тиббий реабилитасия қилиш учун ташкил этилаётган алоҳида 10 ўринли хоналар ҳамда туман-шаҳарларнинг 3-сектор штаблари фаолияти танқидий ўрганиб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

  Шу билан бирга, ишчи гуруҳ аъзолари вилоят халқ таълими бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси раҳбарлари билан суҳбатлашиб, ушбу соҳаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни жойида муҳокама қилиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. 

  Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 26 мартда қабул қилган “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.  

  Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, ўз хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйилган жиддий камчиликлар ҳамда асоссиз равишда хотиржамликка ва бепарволикка берилганлиги учун 4 нафар ички ишлар органлари ходимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди ҳамда яна 4 нафари интизомий жазога тортилди.

  Хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган 15 нафар ички ишлар органлари ходимлари “Аъло хизматлари учун” ва “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, ИИВ “Фахрий ёрлиқ”лари, эсдалик қўл соатлари ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланганлиги бўйича ички ишлар вазирининг буйруғи ўқиб эшиттирилди. Хизматда ижобий кўрсаткичларга эришиб, фидойилик билан фаолият кўрсатаётган Хонқа тумани ИИБ ҲПБ ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, лейтенант Отажон Йўлдошев ҳамда Қўшқўпир тумани ИИОФМБ ҲПБ ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, лейтенант Ўткирбек Сапаровларга катта лейтенан махсус унвонлари топширилди. Шунингдек, ходимларнинг хизмат олиб бораётган ҳудудидаги шарт-шароитларни, оилавий аҳволини инобатга олиб доимий яшаш жойидан олисда хизмат қилаётган 5 нафар профилактика инспектори ротасия қилинди.

Жойларда ўтказилаётган бу каби сайёр учрашув ва йиғилишларда ички ишлар ходимларининг кенг жамоатчилик билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, қонун устиворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламдаги бундай тадбирлар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 Худойберган ЖАББОРОВ,

  “Постда” мухбири.                                

 Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.