Погон таққан аёллар
Ўша куни Шаҳриниса отасининг хизмат кийимини дазмоллаётганди. Қандай қилиб кўнглидаги нияти лўп этиб оғзидан чиқиб кетганини ўзи ҳам билмайди. У:
– Мактабни битирсам, мен ҳам дадамга ўхшаб ички ишлар органларида ишлайман, – деса бўладими.
– Қиз болага органда ишлашни ким қўйибди! – дея койиб берди онаси. – Ундан кўра ўқитувчи бўл. Дарсингни ўтиб бўлгач, уйингга келиб, хонадонингни саранжом-саришта қилиб ўтирасан, болаларингга қарайсан.
Шу гапдан сўнг Шаҳриниса онасининг раъйига қарши боролмади. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида тарих йўналишида ўқиди. Университетни битиргач, оила қурди. Ишига, рўзғор ташвишларига боши билан шўнғиб кетди...
Камолиддин Беҳзод номидаги миниатюра музейида директор ўринбосари лавозимида ишлаб юрган кезлари эди. Оиласи билан пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги маҳаллада яшарди. Ишдан бўш вақтларида таниш-билишлари, қўни-қўшниларига кийим-кечак тикиб берарди.
Бир куни ИИВ Жиэббнинг шу туманда жойлашган 1-тергов ҳибсхонаси ходими янги формасини тўғрилатгани олиб келди. Буни қарангки, дилининг қат-қатига кўмилиб кетган орзу чўғи ҳали ҳам сўнмаган экан. Ҳалиги ходимнинг хизмат кийимини тўғрилаш асносида ана шу милтиллаган чўғ алангаланиб кеца бўладими. Кечки пайт умр йўлдоши ишдан қайтиши билан, Шаҳриниса ниятини айтиб, рухсат сўради.
– Ўзинг биласан. Агар оиладаги аёллик, оналик вазифангни ҳам, ишингни ҳам эпласанг, мен қарши эмасман, – деди турмуш ўртоғи.
Эртаси куни Шаҳриниса қанот чиқариб, 1-тергов ҳибсхонасига учиб борди. Муассаса раҳбариятига учради. Нияти холис экан, жараён ўз-ўзидан тезлашиб кетди. Худди кечагидай ёдида – 2009 йилнинг 5 декабрида мазкур муассасада тартибот ва қўриқлаш бўлими назоратчиси вазифасида фаолиятини бошлади. Устози, катта назоратчи Диана Муртазина унга соҳанинг сир-асрорларини эринмай ўргатди.
ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсини 2012 йилнинг март ойида тамомлаб, ИИВ ЖИЭББ Ташкилий инспекторлик бошқармаси катта инспектори лавозимида хизматни давом эттирди.
Лавҳамиз қаҳрамони 2021 йилнинг декабрида унга ЖИЭД Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармасида янги жорий қилинган хотин-қизлар масалалари йўналишида муҳим топшириқлар бўйича инспектор лавозимида иш бошлагач, хотин-қизлар орасидаги муаммолар ва ташвишлар оламига шўнғиб кетди.
Шундан сўнг капитан Шаҳриниса Қўлдошева Департаментнинг барча минтақавий мувофиқлаштириш марказларида, жазони ижро этиш муассасаларида хизмат сафарида бўлиб, ходималарнинг хизмат фаолияти, оилавий шароити билан яқиндан танишди. Ҳатто бола парваришлаш таътилида бўлганлар ҳам назаридан четда қолмади.
Унинг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йил мобайнида 22 нафар ходимага ссуда ажратилди. Ўзи, яқин қариндоши бетоб бўлган, оилавий тўй-маърака ўтказганларга, уй-жойи таъмирталаб бўлганларга моддий ёрдам кўрсатилди. Елиб-югуриб хотин-қизлар ўртасида турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, давра суҳбатлари, психологик тренинглар ташкил этди.
Натижада ўтган бир йил ичида тизимда фаолият кўрсатаётган ходималарнинг хизмат самарадорлиги янада ошди. Улар ўртасида маънавий муҳит яхшиланди. Ижобий натижалар ЖИЭД раҳбариятининг эътиборидан четда қолмади, албатта. 2022 йил декабрида капитан Шаҳриниса Қўлдошева ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Хотин-қизларнинг хизмат фаолияти ва яшаш шароитини ўрганиш тизимли равишда давом эттирилмоқда. Бунда лавҳамиз қаҳрамонига муассаса бошлиқлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари яқиндан кўмак беришмоқда. Қолаверса, жамоатчилик асосида иш олиб бораётган хотин-қизлар кенгашлари раислари унинг суянчи, таянчи. Департамент бошлиғи, полковник Рустам Турсуновнинг «Тизимдаги оддий фаррошнинг ҳам дардини эшитинг, ташвишини аритинг. Керак бўлса бу ёқда биз ҳам унга ёрдам беришга тайёрмиз», – деган сўзлари ҳамиша қулоғи остида жаранглаб туради.
Капитан Шаҳриниса Қўлдошеванинг режалари бисёр, орзулари ҳам талайгина. Масалан, ИИВ Академияси магистратурасида ўқиш ниятида. Шунингдек, илмий изланишлар олиб бормоқчи. Бу истаклари ҳам ижобат бўлса, не ажаб. Зеро, орзу чўғи ҳеч қачон сўнмас экан. Ўғиллари Азизжон билан Азимжон унга «Сиз ҳаммасини уддалайсиз. Чунки сиз дунёда энг яхши ойисиз!» дейишади. Дилбандларининг бу сўзлари унга доим руҳий куч-қувват бериб туради.
Бобомурод ТОШЕВ.
