Бухоро вилояти ММИ ва КБТХ ходимлари “Интизом ойлиги” доирасида Иивнинг тегишли буйруқ талаблари асосида шаҳар ва туман Иибларида тадбирлар ўтказиб келмоқда. Жумладан, Қоракўл, Олот ва Жондор туманлари Иибларида бўлиб, хизмат олиб бораётган ходимлардан “Маънавият ва маърифат дарси”ларини ўзлаштирганлик бўйича синов имтиҳонлари олишди. Шунингдек, тадбир давомида ходимларнинг ўз вақтида ишга келиши, хизмат интизомига амал қилиш ва қонунийликни мустаҳкамлашга доир тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
* * *
Шофиркон тумани ИИБ шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизоми ва қонунчилик талаблари бузилиши, коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Бунда ходимларга хизмат мобайнида порахўрлик ва тамагирлик ҳамда коррупсион ҳолатларга йўл қўймаслик, ваколатдан четга чиқмаслик, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиш борасида огоҳлантиришлар берилди.
Бундан ташқари, хизматга совуққонлик билан қараган, ваколат доирасидан четга чиққан ходимларга қатъий чора кўрилиши алоҳида таъкидланди. Яна ойлик доирасида ходимларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, “ходимбай” тизими асосида уларнинг оилавий аҳволи, яшаш шароити, мавжуд муаммоларини жойида ўрганиб, хизматдан бўш вақтларини қай йўсинда ўтказишлари бўйича ходимларга тегишли тавсиялар берилди.
* * *
Пешку тумани Иибда ходимларнинг ота-оналари ва меҳнат фахрийлари билан “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди. Учрашувда нуронийларимиз, фахрий устозларимиз босиб ўтган умр йўли, бой тажрибаси, пурмаъно ўгитларини ёшлар билан ўртоқлашишди. Шундан сўнг ходимларга хизмат интизоми ва қонунчилик талаблари бузилиши, коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш борасида тушунтирилди.
М.АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
