Айни кунларда ўтказилаётган “Пробация ойлиги” доирасидаги “Ҳамкор” тадбири бўйича вилоят ИИБ Ахборот хизмати томонидан “Пресс-тур” ташкил этилди. Унда вилоятда амалга оширилаётган манзилли ишлар тўғрисида ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар орқали кенг жамоатчиликка маълумотлар берилди. Шу куни вилоят ИИБ ЖХХ Пробасия бўлимининг жойлардаги бўлинма гуруҳларида хизмат қилаётган 12 нафар ходимга электроскутерлар топширилди.

Шунингдек, иштирокчилар бўлим бошлиғининг хизмат хонасидаги кузатув камералари ва иш жараёнлари билан танишишди. Сўнгра назорат остидаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, атрофдагилар билан мулоқотга киришиши, оилавий руҳий муаммоларини бартараф қилиш мақсадида Бухоро давлат университети психологи, фалфаса фанлар доктори О.Авезов томонидан ўтказилаётган семинар-тренинг бўйича тушунчалар берилди. Шу билан бир қаторда, Бухоро шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказида меҳнат ярмаркаси ва тадбиркорлар билан учрашув ҳамда сайёр суд мажлислари ўтказилди. Меҳнат ярмаркаси давомида назорат остидаги шахсларнинг 19 нафари ўзлари танлаган ишга жойлашиши ва 4 нафарига қайта касбга ўқитиш учун йўлланмалар берилиб, 13 нафар шахснинг бандлиги таъминланди. 

Сайёр суд мажлисларида эса 19 нафар назорат остидаги шахсга нисбатан киритилган тақдимномалар жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан кўриб чиқилди. Хусусан, жазони ўташ тартиб қоидаларига тўлиқ риоя қилиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноят қонунчилигига асосан тайинланган жазонинг белгиланган қисмини ўтаб бўлган 14 нафар шахс муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шу билан бирга, жазони ўташ тартиб-қоидаларини бузиб келаётган 4 нафар шахснинг ўталмай қолган жазо муддати оғир турдаги жазолар билан алмаштирилди. Жазони ўташдан бўйин товлаб, яширинган 2 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинди.

“Пресс-тур” иштирокчилари тадбир давомида Бухоро тумани “Работак” маҳалласи ҳудудида жойлашган ҳуқуқ-тартибот маскани биносида фаолият олиб бораётган туман ИИБ Пробасия гуруҳи фаолиятини ўрганишди. Бу ерда ташкил этилган кутубхона билан ҳам яқиндан танишилди. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган бир нафар шахсга келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш мақсадида 10 миллион 500 минг сўм миқдорида дастлабки ижтимоий моддий ёрдам пакети ажратилди.  

Шунингдек, “Пресс-тур” иштирокчилари Вобкент туманидаги “Вобкент тола кластер” Мчжда ишлаб келаётган туман ИИБ ЖХХ Пробация ҳисобида турган 15 нафар назорат остидаги шахснинг, шунингдек, “дастлабки ижтимоий моддий ёрдам пакети” олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган туманнинг “Кулолчи” маҳалласида яшовчи А.Пўлотовнинг меҳнат фаолияти билан ҳам танишилди.  

Азимжон ХОЛИҚОВ,

подполковник.

Бухоро вилояти.