Тадбир

21 октябр – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича баталонида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон Асрор Мўмин, туман ҳудудидаги 206 ва 218-сонли умумтаълим мактабларининг ҳаваскор жамоалари иштирок этди.

– Ўзбек тили бор экан, ўзбек миллати бор. Ўзбек миллати бор экан Ўзбекистон бор, – деди тадбирда сўзга чиққан Асрор Мўмин. – Ўзбек тилининг пайдо бўлиши, ривожланиши узоқ йилларга бориб тақалади. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғатит турк» асари ҳам туркий тил, яъни ўзбек тилида яратилган биринчи тилшуносликка оид муҳим асар ҳисобланади. Ўзбек тилининг софлигини асраб қолиш, унинг хор бўлиши, йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида аждодларимиз, хусусан, жадидлар томонидан катта курашлар бўлди. Қурбонлар берилди. Бу курашлар юртимиз мустақилликка эриш арафасида янада авж олди. Шукурки, бугун тилимиз бошқа кўплаб тиллар қатори, ўз жозибасини кўз-кўз қилмоқда, ривожланмоқда.

Шоир шу ернинг ўзида викторина ўтказди. Ўзбек тилининг ривожланиш босқичлари, муҳим саналар юзасидан бир неча саволлар бериб, ғолибларга ўзи билан олиб келган адабиётларни совға қилди. Шундан сўнг навбат 206 ва 218-сонли умумтаълим мактабларининг ҳаваскорлар жамоаларига берилди. Ўқувчилар Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфнинг тилимизга бағишланган машҳур шеърларини ёддан айтишди, ўзлари тайёрлаб келган куй-қўшиқ ва рақсларни ижро этишди.

Тадбир сўнгида ҳарбий оркестр томонидан Ватан, муҳаббат ҳақидаги куй-қўшиқлар ижро этилди. Бу эса тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Ўз мухбиримиз.