Фуқароларимиз ички ишлар органлари ходимлари тимсолида ўзининг ҳақиқий ҳимоячисини кўради. Ички ишлар органлари ходимлари нафақат жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашади, балки оғир вазиятда қолган инсонларга ўз вақтида ёрдам ҳам кўрсатади. 

Жорий йилнинг 25 апрел куни тунги тахминан соат 22:20ларда Юнусобод тумани ИИОФМБ ППХ отряди ходимлари, сафдорлар Элнур Каликулов ва Темур Мансуровлар «Шаҳидлар майдони»да хизмат вазифасини бажариб юришган эди. Шу пайт улар мазкур ҳудуддан оқиб ўтувчи «Бўзсув» каналига бир аёл ёш боласи билан сакраганлигини кўриб қолишади. Сафдор Э. Каликулов ўйлаб ўтирмасдан, ўзини сувга отади ва аввал болани сафдор Т.Мансуровга узатади. Кейин эса аёл ҳам сувдан олиб чиқилади. 

Она-бола 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига олиб борилади ва уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилади. Шу тариқа, икки инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳозирда она-боланинг саломатлиги қониқарли ҳолатда.

Қаҳрамонларимиздан бири, сафдор Э. Каликулов ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2009 йилда бошлаган. Эгаллаб турган лавозимида 2022 йилдан буён хизмат қилиб келади. 

Сафдор Т. Мансуров ҳам ички ишлар органларидаги фаолиятини 2016 йилда бошлаган. Эгаллаб турган лавозимида 2021 йилдан буён хизмат қилади.

Мазкур ҳолат, яъни М.Ж. нима сабабдан фарзанди билан каналга сакраганлиги атрофлича ўрганилди. Маълум бўлишича, турмуш ўртоғи Қ.Ш. билан доимий равишда оилавий низо бўлиб турганлиги сабабли, аёл руҳий тушкунликни бошидан кечирган ва «Шаҳидлар майдони»да айланиб юрганида, ўзини бошқара олмай «Бўзсув» каналига сакраган. 

Агар ҳушёр ва зийрак фидойи ходимлар сувга сакраётган аёлни ўз вақтида кўриб қолишмаганида, ким билади она-боланинг тақдири қандай якун топарди? 

Сарвар СОБИРОВ,

 «Постда» мухбири.