Мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимларининг билим ва касбий маҳоратини ошириш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида уларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. 

  Жорий йилнинг 26 апрелидан 5 май кунига қадар Хоразм вилояти ички ишлар органлари тизимидаги профилактика инспекторларига “шаҳар инспектори” ва “қишлоқ инспектори” моделлари асосида туманлараро базавий сайёр ўқув курслари ўтказилади. Мазкур ўқув курсларини ташкил этишдан асосий мақсад, профилактика инспекторларининг базавий ҳуқуқий, касбий билимлари ва амалий кўникмаларини оширишдан иборатдир. Мазкур ўқув курси ИИВ Академияси, Малака ошириш институти, Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети, Бош прокуратура Академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти ҳамда Судъялар олий кенгаши ҳузуридаги олий мактабнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Хоразм вилояти назорат ва ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида хизмат қилаётган тажрибали ходимлар томонидан ўтказиляпти. Ўқув машғулотларида профессор-ўқитувчилар ва амалиёт ходимлари белгиланган дастур асосида ўқитишнинг замонавий техник воситалари ҳамда ўқув-кўргазмали куроллардан самарали фойдаланишмоқда. 

  – Машғулотларда фаолиятимизга оид кўплаб маълумотларга эга бўлдик, – дейди Боғот тумани ИИБ ҲПБ 433-ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, катта лейтенант Қудрат Қўзиэв. – Айниқса, соҳадаги илғор тажриба ва ташаббусларнинг амалиётга жорий этилаётгани бизни янги давр руҳи билан хизмат қилишга ундади. 

  Ўқув курси давомида олган билим ва тажрибаларимизни ҳудудлардаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.   

  Машғулотларда иштирок этаётган тингловчилар хизмат фаолияти давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатлар бўйича мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

                                           Ҳамид КАЗАКОВ,

                                             подполковник.