9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Хотира монументида тадбир бўлиб ўтди. Унда бошқарма раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари, фахрийлар ва хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Завқиддин Хўжанов очиб, Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага халқимиз муносиб ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Кўплаб юртдошларимиз жанггоҳларда мардлик ва жасорат кўрсатдилар. Жумладан, вилоят ички ишлар органларининг 97 нафар ходими ҳам жангларда иштирок этди. Уларнинг айримлари жанггоҳларда ҳалок бўлган бўлса, бир қисми урушдан сўнг ички ишлар органларида узоқ йиллар эл осойишталиги йўлида самарали хизмат қилишди.
Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларни қадрлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш бугунги ёш авлоднинг вазифаси. Худди шунингдек, ички ишлар органларида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, эл осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш йўлида самарали хизмат қилиб, бор билими ва тажрибасини ишга солиб, кези келганда, жонини фидо этган соҳа фидойиларини ёд этиш ҳам фарз, ҳам қарз.
Тадбирда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига эҳтиром кўрсатилиб, байрам совғалари топширилди.
Содиқ РАҲИМОВ,
ўз мухиримиз.
Қашқадарё вилояти.
