Камтар инсонларнинг шундай хусусиятлари бўлади: улар ҳар бир берилган неъматга ибрат кўзи билан қарайди, ҳикматини чақишга уринади. Сабри тоғдан баланд бундай кишилар ҳаётда оддийликни, самимийликни қадрлайди. Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бош­қармаси катта терговчиси, полковник Хурсан Арипов ана шундай камтар, қалби дарё инсон. У бу ҳаётда яшашдан мақсад мансаб ва бойликнинг ортидан қувиш эмас, балки одамларга кўпроқ яхшилик қилиш, уларни тўғри йўлга бошлаш, яхши ном қолдириш эканлигини яхши англайди.

 Лавҳамиз қаҳрамони 35 йил шу соҳада суяги қотиб, адолат қарор топиши учун ўз умрини, билими ва тажрибасини сарф қилди. Бу вақт оралиғида не бир машаққатли йўллардан одимламади дейсиз. Бугун сочларига оралаган оқ, нигоҳларидаги теранлик ана ўша чекилган заҳматларнинг инъикосидир.

Тизимдаги фаолиятини 1989-йилда Термиз шаҳар ИИБ Патрул-пост хизмати бўлинмаси милиционерлигидан бошлаган Хурсан Арипов 1995-йилда ИИВ Олий милиция мактабини тамомлагач, вилоят ИИБ Тергов бошқармасида терговчи сифатида фаолиятини давом эттирди. Кейинчалик суриштирув бўлинмаси бошлиғи лавозимларида ишлади. Ҳозирда бошқарманинг Тергов ва суриштирув фаолиятини ташкил этиш бўлимида катта терговчи сифатида фаолият олиб бориш билан бирга, кўплаб шогирдларга ҳам устозлик қилмоқда.

– Тергов соҳасида ишлаш игна билан қудуқ қазишдек гап. Сабаби, унда инсонларнинг тақдирига тааллуқли ҳолатлар кўриб чиқилади, таҳлил қилинади. Ҳар доим тўғри хулоса қилиш учун киши билимли бўлиш билан бирга, қаршисига чиққан инсоннинг ўрнига ўзини қўя олиши, одамларни эшита билиши лозим. Шундагина у ҳолатга, вазиятга тўғри баҳо бера олади. Илмсизлик эса одамни ўнғайсиз вазиятга дучор этади. Айниқса, ҳуқуқий савод­хонликнинг етарли эмаслиги, қиладиган ишининг оқибатини ўйлаймаслик баъзида ҳуқуқбузарлик, жиноят кўчасига бошлайди. Кейин минг афсус қилган билан бефойда. Чунки билмай қолдим дейиш қонун олдида жавобгарликдан халос қилмайди, – дейди полковник Хурсан Арипов.

Лавҳамиз қаҳрамони фарзандларини ҳам тўғри йўлдан юришга ундайди. Турмуш ўртоғи Матлуба Сайфиддинова билан бирга 2 қиз, 2 ўғилни ўзидай илмли қилиб вояга етказди. Улар орасида ўғли Исломбек ота изидан юришни дилига туккан.

Полковник Хурсан Арипов фаолияти давомида гиёҳвандликка оид жиноятларни фош қилишда жонбозлик кўрсатган. Ўзининг тиришқоқлиги, фидойилиги билан ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонган. 2008-йилда Президент Фармони билан ИИ даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган. Бир неча марта ИИБ раҳбарияти ҳамда вазирлик томонидан муносиб рағбатлантирилган.

Инсонни меҳнат безайди, дейди донолар. Хурсан Арипов ҳам шу ақидага амал қилади. Бир жойда ўтиришни хушламайдиган қаҳрамонимиз ҳовлисидаги мўжазгина боғда ишлашдан завқ олади. У ерда узум, ўрик, олма, гилос, нок, хурмо каби мевали дарахтларни эринмасдан парвариш қилади. Буюк мусаввир бўлмиш табиат неъматларини асраб-­авайлаш баробарида бу ҳаётда ҳар бир нарсани қадрлашга ҳаракат қилади.

Халқда «Камтар бўлдинг – гавҳар бўлдинг» деган мақол бор. Бугун соҳада ана шундай қадри гавҳардек қимматли инсонларнинг борлиги барчамизни қувонтиради.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.