Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбир жараёнида жуда кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний айланишининг олди олинди.

  Урганч шаҳрида яшовчи И.К. шу йилнинг 4 октябр куни Урганч шаҳар Ал-Хоразмий кўчасида оғирлиги 9,88 грамм бўлган гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 3 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Шундан кейин гумондорларнинг яшаш жойида ўтказилган тинтув жараёнида ҳам келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб қўйилган яна 200 грамм гиёҳвандлик воситаси топилди. Гиёҳфурушлар ушбу “заҳри қотил”ни ширинлик қоғозига қадоқлаб олиб келишганлиги маълум бўлди.

  Шунингдек, осойишталик посбонлари томонидан жорий йилнинг 26 октябр куни ўтказилган тадбир давомида гиёҳвандлик савдоси билан боғлиқ яна бир ҳолат фош этилди. Яъни, Урганч туманида яшовчи Ғ.М. Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида “опий” гиёҳвандлик воситасини 2 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди. У холислар иштирокида кўздан кечирилганида бир бўлак қадоқланган ҳолдаги “опий” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб қўйганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

  Эндиликда, юқоридаги ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

                                                                           Зокир ИСМОИЛОВ,

                                                                               подполковник.