Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан мунтазам равишда ўтказилаётган рейдлар натижасида истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ёки сотиш билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланиб, бартараф этиляпти.

Яқинда Навоий шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида ўтказилган рейд жараёнида О.Д.га тегишли бўлган гўшт маҳсулотининг кўриниши ходимларда шубҳа уйғотди. Шу сабабали ундан намуна олиниб, яроқлилигини текшириб кўриш мақсадида вилоят ветеринария ва чорвачилик ривожлантириш бошқармасининг лабараториясига юборилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсизлиги ўз тасдиғини топди.

Мазкур сотувчига нисбатан тегишли тартибда чора кўрилди. Шунингдек, Кармана туманида жойлашган “Самарқанд” ЙПХ масканида ўтказилган рейд тадбирида фуқаро К.Э.га тегишли бўлган “Кобалт" русумли автомашина тўхтатилди. Ходимлар автоуловни кўздан кечиришганида, машина юкхонасида ва ўриндиқлари устида истеъмолга яроқсиз қўй гўшти борлиги маълум бўлди. Маҳсулот ҳеч қандай ҳужжатларсиз, бунинг устига ташиш қоидаларига зид равишда олиб кетилаётган эди. Шу сабабли мазкур ҳолат юзасидан ветеринария ва чорвачилик ривожлантириш бошқармасининг ходимлари билан ҳамкорликда қонуний чора кўрилди.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.