Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Ш. Алиев Пешку тумани 3-секторига қарашли Қорақалпоқ маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси, шунингдек, юздан ортиқ маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Дастлаб вилоят ИИБ бошлиғи туманнинг Зандане маҳалласида барпо этилаётган 620 иш ўрни яратиладиган “Бухоро ПЕШТЕКС” корхонасининг қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Сўнгра ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳаллада ўрганишлар олиб борилиб, электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳамда ички йўллар ҳолати кўздан кечирилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.

Масъуллар томонидан 10 га яқин маҳалла фаоллари билдирган ижтимоий-иқтисодий масалалар, шунингдек, 15 нафар фуқаронинг турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва масъулларга топшириқлар берилди.

Иш юритувига олинган, қўшимча текшириш ва муддат талаб қилган мурожаатларнинг ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга бажариш муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.

Сайёр қабул давомида сурункали касаллик билан даволанаётган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Яна икки нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқарога тикув машинаси олиб бериш чоралари кўрилди. Шунингдек, маҳалланинг 1,2 км ички йўлларига шағал ётқизилди, 6 км йўлларда шағаллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, аҳолига янада қулайлик яратиш, зарурий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида маҳалла марказида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкиллаштирилиб, энг зарурий маҳсулотлар етказиб берилди.

Сайёр қабул якунида бошқарма бошлиғи бугунги кунда кўплаб содир этилаётган фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари, айниқса, кибержиноятларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган имкон, шарт шароитлар хусусида тўхталиб ўтди. Мазкур жиноятлардан жабрланиб қолмаслик, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар бериб, аҳолини ҳушёрликка чақирди. Шунингдек, полковник Ш. Алиев 3-сектор ҳудудидаги маҳаллаларнинг ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар этакчилари билан алоҳида суҳбатлашиб улар зиммаларидаги вазифалар, келгусида режалаштирган чора-тадбирлари хусусида фикр алмашди ҳамда ўзининг маслаҳатларини берди.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати.